Амнести Интернейшнл ёки Халқаро амнистия ташкилоти Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни ўлим жазосини ижро этишни дарҳол тўхтатишга чақирмоқда.

Президент Каримов ўтган душанба куни ўлим жазосини бекор қилиш ҳақида фармон чиқарган эди. Бироқ бу фармон 2008 йилнинг январигача кучга кирмайди.
“Ўзбекистон президентининг 3 йилдан кейин ўлим жазосини бекор қилиш ҳақида қарор чиқаргани ижобий қадам, албатта. Бироқ унгача нима бўлади? Биз ўлим жазосини бекор қилиш сари қўйилган ҳар бир қадамни олқишлаймиз, бироқ президент Каримов ўлимни дарҳол бекор қилганида улуғ иш бўлар эди”, - дейди Амнести Интернейшнл вакили Лидия Роял.
Шунингдек, Роялга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўлимга ҳукм этилган ва қатлни кутаётганлар рўйхатини эълон қилиши лозим.
Ўзбекистон президенти мамлакатда ижро этилаётган ўлим жазоси сони 60 фоизга камайганини таъкиламоқда.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса асл рақамлар икки баробар кўплигини айтмоқда.
Амнести Интернейшнлга кўра, Ўзбекистон ҳукумати қатл этишлар борасида ишончли статистик маълумотларни эълон қилиши керак.
Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида ўлим жазоси фақатгина Ўзбекистон ва Беларусда қўлланади.