Европа Иттифоқи ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномасига риоя қилган ҳолда Эроннинг ядро қувватидан тинчлик мақсадида фойдаланиш ҳуқуқини тан олишини билдирди.

Европа Иттифоқи Эроннинг ядровий дастури борасидаги тортишувга чек қўйишни кўзда тутган Иттифоқнинг Теҳрон билан иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик дастурини Эрона ҳукуматига тақдим этди.
Европа комиссияси матбуот вакили Стефан де Ринк бу ҳақда шундай деди: “Бу таклифлар Европа Иттифоқи Эрон билан ўзининг ҳамкорлик алоқаларида янги саҳифа очишга жиддий бел боғлаганини яққол акс эттиради. Бу таклифни ўрганиш ва қабул қилиш эронлик ҳамкорларимизга ҳавола”, – деди Европа Иттифоқи вакили.
Кейинроқ Эроннинг бош музокарачиси Ҳуссайн Муссавиян Европа Иттифоқи таклифига Эрон ҳукумати якшанба куни жавоб беришини билдирди.
Халқаро атом энергияси агентлиги Эроннинг уранни бойитиш ишларини қайта бошлаш ҳақидаги тахдиди масаласини муҳокама қилиш мақсадида 9 август куни йиғилиш ўтказади.