Эрон Исфахондаги уранни қайта ишловчи ядровий иншоотдаги тўхтаб турган ускуналарни қайта ишга туширди.

Эроннинг атом соҳасини назорат қилувчи идораси раҳбарининг муовини Муҳаммад Саидийнинг маълум қилишича, бу ишлар Халқаро атом энергияси агентлиги назоарти остида ўтказилмоқда. Унинг айтишича, агентлик Исфаҳонда тасвирга туширувчи махсус камералар ўрнатган.
Эронда бойитилган уранни ишлаб чиқариш бўйича ишлар қайта тиклангани муносабати билан Халқаро атом энергияси агентлигининг Венада бошланган фавқулодда мажлиси бугун давом этди.
Европа Иттифоқининг Теҳронни ўз ядровий дастури бўйича ишларни тўла тўхтатишга кўндиришга уриниши самара бермади. Бироқ сешанба куни Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Европа Иттифоқи билан мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Унинг таъкидича, Теҳроннинг бу соҳада янги таклифлари бор.
Вужудга келган вазиятни Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей бундай баҳолади:
- Мен ҳозирги ҳолатни Эроннинг ядровий дастури муҳокамаси жараёнидаги муносабатларимиз тўла ва мутлақ узилди, деб баҳоламаган бўлардим. Бу вақтинчалик танаффус холос.