Бир гуруҳ ўзбеклар Эрон пойтахти Теҳрондаги Голландия элчихонаси олдида тинч намойиш ўтказди.

Намойишда жами 37 нафар эркак, аёл ва бола қатнашди. Улар Теҳронга сешанба куни Эроннинг жануби-шарқида жойлашган Зохидон шаҳридан келган.
Намойишчилар ўзларига бошпана берилишини талаб қилдилар. Эрон полицияси тинч намойишга халал бермай вазиятни кузатиб турди.
Голландия элчихонаси расмийлари намойиш қатнашчилари вакиллари билан учрашиб уларга БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича идорасига учрашишни маслаҳат берди.
Намойишчиларнинг “Озодлик” радиосининг Теҳрондаги мухбирига айтишича, 87 нафар ўзбек 1997 йилда Ўзбекистондан дастлаб Тожикистонга кейин Афғонистон ва Покистон орқали Эронга борган. Улар бир неча йилдан бери Эронда яшаб келаётганига қарамай, уларга қочқин мақоми берилмаган.
“Уч ярим йилдан бери Эрондамиз. Ўзимизни Эрон ҳукуматига топширмаганимиз сабаблари, бизнинг давлатимиздаги вазиятдан, Каримовнинг қандай одам эканидан дунё бехабар эди. 13 майдан кейин, Каримовнинг кимлиги ошкор бўлганидан кейин биз ўзимизни ЮНИСЕФ идорасига топширдик. Лекин у ерда ишимиз узоқ чўзилаётгани учун Голландия элчихонасига келиб ўзимизни уларга таништирдик”, – деди Эрондаги ўзбекистонлик қочқин.
Маълумки, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган бир неча ўзбекистонликка Голландия ҳукумати бошпана беришга тайёрлигини билдирган.