Ироқдаги сиёсий лидерлар мамлакатнинг янги конституцияси лойиҳасини муҳокама қилмоқда.

22 август муҳокама учун белгиланган сўнгги куни бўлишига қарамасдан ҳали ҳануз бир қарорга келинмагани хабар қилинмоқда. Уч соатлик тортишувлардан сўнг конституция ҳайъатининг аъзоси бўлган Курдлар гуруҳи вакили Абдул Ҳолиқ Зангана, асосий баҳс аёллар ҳуқуқи ва ислом масаласида бўлаётганини маълум қилди.
Шиа гуруҳи қонунчиларидан бири Муҳаммад Боқир ал-Баҳадлийнинг айтишича, янги конституция шариат қонунларига мувофиқ келиши ва бу диндаги барча гуруҳлар истагига мос келиши лозим. Ал-Баҳадлийга кўра, агар АҚШ босим ўтказмаса, конституция ҳайъати 22 август куни бир қарорга келиши даргумон.
Сунний мусулмонлар гуруҳи вакиллари эса конституция лойиҳасида фақатгина курдлар ва шиа мусулмонлари ихтиёри инобатга олинаяпти, суннийлар эса бунда иштирок эта олмаяпти, деб норозилик билдирмоқда.