Франция президенти Жак Ширак бугун Эрон ҳукуматига мурожаат қилиб, ядровий дастур бўйича музокараларда ҳамкорлик қилишга чақирди.

Акс ҳолда Эрон ядровий дастури масаласи БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилиши мумкин.
Жак Ширакнинг бу чақириғи Франция элчиларининг йиллик анжуманида янгради. Франция президенти Теҳронни Европа Иттифоқи номидан Эрон билан музокара олиб борган Франция, Британия ва Германия давлатлари таклифини яна бир бор кўриб чиқишга чақирди.
Бу давлатлар иқтисодий ёрдам эвазига Эронни ядровий тадқиқотлардан воз кечишга чақирган, аммо Эрон уларнинг таклифни рад этган.