Россия Бош прокурори ўринбосари Владимир Колесников бошчилигидаги терговчилар гуруҳи бугун Бесланга борди.

Бу гуруҳ президент Путин буйруғига кўра ташкил этилди. Президент Путин куни кеча “Беслан оналари” ташкилоти вакиллари билан учрашди ва фожеа юзасидан мавжуд барча саволлар бўйича махсус тузилган тергов гуруҳи тўлақонли суриштирув олиб боришини ваъда қилди.
Ўтган йили Беслан шаҳридаги 1-мактабда содир бўлган фожеада 331 одам қурбон бўлган ва уларнинг аксарияти болалар эди.
Айни вақтда фожеанинг бир йиллиги муносабати билан Бесландаги 1-мактабда уч кунга сурилган ўқув машғулотлари бугун бошланди. Ўқув жараёни ҳақида ўқитувчилардан бири Алла Кабилаева бундай дейди:
“Ўқувчилари катта ҳаяжон ва интиқлик билан мактабга қайтишди. Кўп болалар мактабни соғинган. Мен машғулотлар чоғида синфма-синф юрдим. Болалар ўқитувчиларга қараб турибди, ўқитувчилар эса болаларга. Ўқув жараёни бошланди, улар энди ўқийди, яшайди, ўйнаб-кулади”, - деди Беслан фожеаси содир бўлган мактаб ўқитувчиси.