Бугун Бағдоднинг шиалар яшовчи мавзесида ичига бомба ўрнатилган микроавтобус портлади.

Оқибатда юздан ортиқ киши ҳалок бўлди. 162 киши яраланди. Айтилишича, микроавтобус ичида бўлган худкуш бомбани ҳаракатга келтирган.
Портлаш ироқлик қурувчилар Катимия майдонида ишга ёлланиш учун навбат кутиб турган пайтда рўй берди. Аввалига, микроавтобус рулида бўлган худкуш одамларга иш топиб бераман деб, уни атрофида йиғилишни сўраган. Одамлар машина атрофида йиғила бошлагач бомбани ҳаракатга келтирган. Оқибатда унинг ўзи билан юздан ортиқ одам ҳалок бўлди. Хади исмли ишчи бомба портлаган пайт Қадимия майдонида бўлган. У воқеани шундай тасвирлайди.
"Биз йиғилдик, кейин машина бирдан замин-замонни титратиб портлади. Одамлар қоча бошлади", - дейди Хади.
Бағдод полициясига кўра, портлаш қурбонлари сони айтилаётганидан яна ортиши мумкин. Бағдоддаги Ал-Карх тиббий марказ вакили Хазим Ал-Жумаилига кўра, хастахона яраланганларга тўлиб тошган.
"Касалхонамиз, шунингдек Мухаммад Бакир ал Хаким, Ал-Карама, Ал-Карх ва ал Қадимия касалхоналари жабрланганларга ьиббий ёрдам бермоқда. Ҳозиргача 90 одам ҳалок бўлган, 182 одам яраланган", - дейди Ал-Карх тиббий маркази вакили.
Ироқдаги портлаш Бағдод раҳбари Жалал Талабоний Вашингтонда АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашганидан бир кун ўтиб рўй берди. Сешанба куни Талабоний Вашингтон раҳбари билан айнан Ироқдаги хавфсизлик борасида суҳбатлашган ва бу борада ижобий силжишлар ҳақида гапирган эди.
"Мамлакатимиз хавфсизлиги борасида ўсиш кузатиляпти. Худкуш портлашлар сони камайди. Террорчилар назоратида бўлган худудлар улардан халос этилди ва у ердаги ахоли ҳозир бўлғуси сайловларда қатнашиш учун рўйхатдан ўтмоқда", - деган эди Талабоний Буш билан учрашув сўнггида қилган чиқишида.
Шунингдек, Ироқ раҳбари мамлакатдаги вазият айрим Америка кучларинининг шу йил оҳирига қадар чиқиб кетишини тақазо этаётганини ҳам айтди.
"Фикримча, камида 40мингдан 50минггача бўлган Америка қўшини йил оҳирига қадар Ироқдан чиқарилиши мумкин", - деб айтган Ироқ президенти Жалал Талабоний. Чоршанба кунги Бағдоддаги портлаш Талабонийнинг бу гапларини савол остига қўйди.

Маълумотларга кўра, портлашга жавобгарликни Абу Мусаб Ал Зарқавий бошлиқ қуролли гуруҳ ўз зиммасига олди. Исломий сайтлардан бирида пайдо бўлган баёнотда бу портлаш Тел-Аффар учун ўч экани айтилади. Сўнгги пайтларда АҚШ ва Ироқ кучлари Сурия чегарасига яқин Тел-Аффар шаҳрида аксил-террор амалиётларини олиб бораётган эди.