Бугун Афғонистонда охирги 30 йилда биринчи марта умумий сайловлар бўлиб ўтди.

Афғонистонликлар мамлакат парламенти ҳамда маҳаллий кенгашга халқ ноибларини сайлади.
Бугунги овоз беришда афғонистонлик сайловчиларнинг қанчаси қатнашганига оид маълумотлар ҳозирча йўқ.
Сайловларни кузатган, Осиёда эркин сайловлар учун, деб номланувчи уюшма аъзоси Сомрси Ҳаннан Озодлик радиосига Қандаҳор вилоятида бир неча марта овоз беришга уриниш ҳоллари кузатилганини айтди.
“Қандаҳорда бир сайловчи бир неча марта рўйҳатдан ўтганига оид хабарларни олдик. Иккита ёки учта жойдан рўйҳатдан ўтган одам бир неча марта овоз бера олади. Бир неча кун олдин баъзи сайловчилар бир нечта жойдан рўйҳатдан ўтганига доир миш-мишлар тўғри бўлиб чиқди. Шунинг учун бошқа жойларда ҳам шундай бўлганми, деган хавотирлар уйғонмоқда”, - деди кузатувчи.
Мамлакат парламентидаги 249 ўрин учун 2800га яқин номзод кураш олиб борди. Сайловчилар шунингдек, вилоят кенгашларига 3000 номзоддан вакилларни танлади.
Мамлакат бўйлаб коалиция кучларига қарши уюштирилган ҳужумларга қарамасдан, сайловлар узилишсиз ўтказилди.
Афғонистон ички ишлар вазирининг маълум қилишича, Хост вилоятидаги сайлов участкаларидан бирига ҳужум қилишга уринган икки худкуш бомбачи ҳибсга олинган.