Исроил ҳаво кучлари ўтган ҳафта охирида Фаластин жанггарилари ракета хужуми уюштирган Ғазо минтақасидаги ҳудудларни бомбардемон қилди.

Бугунги Исроил ҳужуми Фаластин жанггари гуруҳлари, жумладан Ҳамас гуруҳига қарши уюштирилган ҳарбий операциянинг бир қисми бўлди. Талофотлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Кеча кечқурун Ҳамас гуруҳи ўз жанггариларини шу йилнинг март ойида Исроил билан тузилган ўт очишни тўхтатиш битимига амал қилишга чақирди.
Фаластин ҳукумати расмийси Ҳасан ал-Хотиб Рейтерс ахборот агентлигига берган интервьюсида, Исроил ҳам бу битимга содиқ эканини кўрсатиши кераклигини айтди.
“Баъзи гуруҳлар, жумладан Ҳамаснинг ўт очишни тўхтатиш битимига амал қилиш ҳақидаги чақирувларини олқишлаймиз, ҳамда АҚШ, БМТ, Европа Иттифоқи ва Россия иштирокидаги қўмитанинг Исроилни ҳам бу битимга содиқ қолиш ва Фаластинга қарши ҳужумларини тўхтатишга кўндира олишига умид қиламиз”, - деди Фаластин ҳукумати вакили.
Исроил армиясининг Фаластинга қарши ҳужуми, Бош вазир Ариэль Шарон етакчилигидаги Ликуд партияси, ташкилот раҳбарини ўзгартириш учун муддатидан илгари сайлов ўтказиш масаласини ҳал этаётган пайтга тўғри келди.
Сентябр ойида Шароннинг Ғазодан яҳудийларни олиб чиқиши, Ликуд партияси раҳбарияти орасида бўлинишга олиб келди.