АҚШ ҳукумати яна бор Эронни ўз халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирди.

Оқ Уй расмийси Скот МакКлелланнинг таъкидича, Халқаро атом энергияси агентлигининг Эрон ядровий дастури бўйича охирги резолюцияси расмий Теҳрон учун бир огоҳлантириш бўлиши лозим.
“Жаҳон жамоатчилиги мана шу резолюция орқали Эрон ҳукуматини яна бир бор огоҳлантирди. Яъни, Эрон ҳукумати тутган йўл нотўғри. Агар Эрон муросага келмаса, бу масала билан БМТ Хавфсизлик кенгаши шуғулланади”, - деди АҚШ ҳукумати расмийси.
Ўз ўрнида Эрон ҳам агар ўз ядровий дастури масаласи Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйиладиган бўлса, уранни бойитишни қайта бошлаши ва ўз тадқиқот объектларини хориж экспертлари учун ёпиб қўйишини айтиб, пўписа қилмоқда.