Бугун АҚШ Давлат котиби ўринбосари Роберт Жозеф Ашхободда Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов билан учрашди.

АҚШ Давлат котибининг Қурол-яроғ назорати ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Туркманбоши билан учрашувида, асосан, ядровий қурол назорати бўйича ҳамкорлик масаласини илгари сурди. Шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва ядровий қурол тарқатмаслик масаласи ҳам учрашув диққат марказида бўлди.
Ассосшиэйтед Пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, АҚШ расмийси Туркманистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари, демократия ва бозор муносабатлари соҳаларини кўтаришга чақирган.
АҚШ расмийиси Туркманистондан сўнг Тожикистонга борди ва у ерда давлат расмийлари билан учрашди. Хабарларга кўра, бу учрашувлар эътибори марказида ҳам ядровий қурол тарқатмаслик борасида ҳамкорлик масаласи турган.