Эроннинг ядровий дастури бўйича халқаро музокараларда қатнашаётган ҳукумат гуруҳи аъзоси истеъфо берди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Эрон давлат ахборот агентлигининг келтиришича, айни вақтда Эроннинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги вакили бўлган Муҳаммад Жавад Зариф истеъфо берганини маълум қилган, аммо, бунинг сабабларини изоҳламаган. У Эроннинг Ғарб билан муносабатлари яхшиланишида катта хизмат қилаётган дипломат сифатида баҳоланади.
Ўтган ойда Халқаро атом энергияси агентлиги расмий Теҳрон ядровий қурол тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома шартларини тўлиқ бажармаётгани ва бу ҳол оқибатда, Эрон ядровий дастури масаласи БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилишига олиб келиши ҳақида резолюция қабул қилган эди.
“Мен Эрон Халқаро атом энергияси агентилиги билан ҳамкорликни давом эттиради, деган умиддаман. Эрон ҳукуматидан айни масала атрофидаги чигал вазиятни ҳал этишга қаттиқ киришилгани ҳақида ишончнома ҳам олдик. Бу муаммо қанча тез ҳал бўлса Эронга ҳам, жаҳон жамоатчилигига ҳам фақат яхши бўлади”, - деди Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей.