Ўзбек депутатлари тожик заводига қарши

Саида
Ўзбекистон парламентининг Қонунчилик палатасида мамлакатнинг жанубий вилоятларига Тожикистон алюминий заводи етказаётган экологик таъсирни ўрганиш бўйича махсус комиссия ташкил этилди.

Ўтган асрнинг 80-90-йиллардан бошлаб ТАЗ таъсири натижасида Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида экологик вазият ёмонлашган. Бунинг натижасида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам катта зарар кўряпти.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманилик фуқароларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда полиз экинларидан, мевали дарахтлардан кўнгилдагидек ҳосил олиб бўлмаяпти.

Россиянинг “РусАЛ” компанияси билан ТАЗни қайта таъмирлаш ва ишлаб чиқариш қувватини ошириш бўйича келишувга эришилгани Ўзбекистон томонини янада катта ташвишга соляпти.

“Экосан” халқаро жамғармаси раиси Юсуф Шодиметовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, ТАЗ ва “РусАЛ” ўртасида тузилган шартномада табиатни асраш, зарарли моддаларни тозалаш бўйича энг замонавий технология олиб келиш ҳақида гап йўқ.

“Бизда бир ойдан буён шу масала кенг муҳокама қилиняпти. Лекин на тожикистонлик дўстларимиз, на “РусАЛ” томони замонавий технология олиб келинишини айтаётгани йўқ”, - деди Ю.Шодиметов.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда ТАЗ йилига 345 минг тонна алюминий ишлаб чиқармоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон ҳудудига йилига 35-40 минг тонна заҳарли модда ёғиляпти. Агар ТАЗнинг ишлаб чиқариш қуввати оширилса, аҳвол ҳозиргидан уч баробар ёмонлашади. 120 минг тоннагача зарарли модда атмосферага чиқиши мумкин.

Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Аслиддин Рустамовнинг билдиришича, завод қувватини оширишга қаратилган лойиҳалар Ўзбекистонни хавотирга солмоқда.

“Шу сабабли махсус комиссия тузиб, Сурхондарё вилоятидаги экологик вазиятни ўрганишга қарор қилдик”, - деди А.Рустамов.

Унинг қўшимча қилишича, комиссия мавжуд муаммони ўрганиб, Қонунчилик палатасига таклиф ва тавсиялар киритади.

А.Рустамов бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш лозимлигини таъкидлади.