Ироқ президенти Жалол Талабоний бугун Британия Бош вазири Тони Блэр билан учрашди.

Лондонда бўлиб ўтган учрашувда кейинги ҳафтада Ироқнинг янги конституцияси лойиҳаси бўйича бўладиган умумхалқ референдумига тайёргарлик масалалари муҳокама этилди. Учрашувдан сўнг Жалол Талабоний 15 октябрга белгиланган референдумда хавфсизликни таъминлаш учун хорижий ёрдамчи кучга эҳтиёж борлигини айтди.
“Халқаро қўшинларнинг Ироқдан чиқиб кетишини ҳоҳлаётганларга айтмоқчиманки, биз ҳам хорижий давлат ҳарбийларининг чиқиб кетишини ҳоҳлаймиз. Аммо, исёнчиларнинг ҳаракатлари уларни Ироқда тутиб турибди”, - деди Ироқ президенти Жалол Талабоний.
Айни вақтда Ироқда бугун содир этилган террор ҳужумлари оқибатида 17 нафарга яқин одам қурбон бўлгани хабар қилинмоқда. Бағдод шаҳрида ҳудкуш террорчи автобусда ўзини портлатиб юборди. Унда полиция мактаби талабалари бораётган эди. Уларнинг 11 нафари қурбон бўлди.
Ироқ шимолидаги Киркук шаҳрида эса номаълум шахс Нефт саноати вазирлиги эшиги ёнидаги 5 нафар қўриқчини ўққа тутди.