Афғонистонда 18 сентябр куни бўлиб ўтган парламент сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинди.

Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Афғонистон вакилларидан тузилган сайлов комиссияси расмийси Алим Сиддиқ бу ҳақда Озодлик радиосига бундай маълумот берди:
“Овозларни санаш якунланди. Жанубдаги Нимроз ва Фаррах вилоятлари бўйича дастлабки натижаларни ҳам эълон қилдик. Яқин 7 кун ичида эса Афғонистондаги жами 34 та вилоят бўйича натижаларни эълон қилишни мўлжаллаб турибмиз. Кейин уларни муҳокама қилиш учун 5 кунлик муддат берилади. Агар шикоятлар бўлмаса, сайлов натижалари Афғонистон ва халқаро сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади”.
Расмий маълумотларга кўра, Афғонистондаги 300 га яқин сайлов участкасида сайлов қонун-қоидалари бузилгани учун овозлар саналмаган. Яна 700 га яқин участкада эса овозларни санаш тўхтатиб қўйилган.