Бирлашган миллатлар ташкилоти мутахассислари ўтган ҳафта якунида содир бўлган кучли зилзиладан сўнг Покистонда эпидемиялар пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

10 минглаб одам мана беш кундирки, вайроналар остида қолмоқда. Яна юз минглаб одам эса очиқ бошпанасиз, кўчада қолган. Бунинг устига тинимсиз ёғаётган ёмғир ва жала қутқарув ишларини яна-да, оғирлаштираяпти.
АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс бугун Покистонга борди ва АҚШ ўз инсонпарварлик кўмагини оширишини айтди. Ҳозирга қадар АҚШ 50 миллион доллар маблағ ажратди.
Шунингдек, НАТО иттифоқи ҳаво кучлари Европа ажратган инсонпарварлик ёрдамини Покистонга таший бошлади. Зизилада қанча одам қурбон бўлгани ҳанузгача аниқмас. Тилга олинаётган рақамлар 23 мингдан 41 минг нафаргача. Ҳиндистонда эса 1300 одам нобуд бўлгани расман хабар қилинди.
Покистон ҳукумати расмийси Маҳдум Ҳайъат бугун ёрдам қилаётган мамлакатларга миннатдорчилик билдирди.
“Фавқулодда зарур ёрдам учун жаҳон жамоатчилигига чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Биз яна 50 та вертолёт олдик ва улар туну кун учиб, қутқарув ишларини олиб бораяпти. Деярли ҳамма мамлакатлар ўз ёрдамини таклиф қилди”, — деди Покистон расмийси бугун жаҳон жамоатчилигига юзланиб.