Бакуда Озарбойжон Иқтисодиёт вазирлигининг собиқ вазири Фарҳод Алиев ҳибсга олинди.

У давлат тўнтариши уюштиришга алоқадорлик ва мухолифатни пул билан таъминлаганликда айбланаяпти. Пул билан таъминланган мухолифатчилар, дейилганда Расул Гулиев бошчилигидаги мухолиф Демократик партия ҳам тилга олинмоқда.
Яқинда Озарбойжон президенти ҳеч бир изоҳсиз Фарҳод Алиевни лавозимидан озод қилган эди.
Шунингдек, бугуннинг ўзида яна бошқа бир озарбойжонлик вазир лавозимидан бўшатилди. У соғлиқни сақлаш вазири Али Исановдир. У ҳозир иқтидорда бўлган “Янги Озарбойжон” партиясининг асосий ташкилотчиларидан бири ва узоқ вақт давомида партияга раислик қилган Гейдар Алиевнинг ўринбосари бўлган.
Озарбойжон Демократик партияси етакчиси Расул Гулиев бу вазиятни шундай баҳолади.
“Озарбойжонда репрессиянинг янги тўлқини бошланди. Ҳукумат мухолифатчилар фитна уюштираяпти ва бунинг тепасида Гулиев турибди, деб даъво қилмоқда. Мен собиқ иқтисод вазири Фарҳод Алиев билан таниш эмасман ва собиқ молия вазири Фикрат Юсуфов билан ҳеч қачон учрашмаганман”, — деди Озарбойжон мухолифати етакчиси Гулиев.