Туркия ва Саудия Арабистони Покистонда зилзиладан азият чеккан аҳолига гуманитар ёрдам сифатида 280 миллион доллар беришини маълум қилди.

НАТО ташкилоти эса мингга яқин ҳарбий мухандис, тиббий ходимини офат рўй берган жойга юбормоқчи. Икки хафта бурун Покистоннинг Қашмир худудида рўй берган зилзила бир неча ўн минг одам ҳаётини олиб кетди. Миллионлаб одам бош панасиз қолди. Жума куни Покистоннинг зилзиладан талафот кўрган худудларини зиёрат қилган Туркия бош вазири Режап Тайип Эрдўғон Анкара офатдан азият чекканларга 150 миллион доллар ажратишини ва ёрдамлар ҳали давом этишини айтди.
"Биз бу ёрдам билан чекланиб қолмаслигимиз керак", - деди Туркия Бош вазири.
Саудия Арабистонининг Покистондаги элчиси Али Авад Ассари унинг давлати 133 миллион доллар ёрдам сифатида ажратишини маълум қилди.