Францияда ёшлар исёни саккизинчи кун давом этмоқда.

Аксарияти мусулмон бўлган ёшлар полиция билан тўқнашувга борди ва автомашиналарга ўт қўйди. Дастлаб Париж ташқарисидаги камбағал маҳаллаларда бошланган исён бугун биринчи марта мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ёйила бошлади. Хусусан Дижон ва Марсел шаҳарларида ҳам автомобиллар ёқиб юборилди.
Вазият кескин тус олган минтақаларга жумага ўтар кечаси бир минг 300дан ортиқ полиция ходими жойлаштирилди. Пайшанба куни Франция Бош вазири Доминик де Вилпен тартиб ўрнатишга ваъда берди: “Асосий вазифа жамоат тартибини ўрнатиш. Биз бундай зўравонликни қабул қила олмаймиз. Мен мулоқот бошлашни ҳам хоҳлайман”.
Расмий маълумотларга кўра, Францияда сўнгги ҳафта давомида 600дан ортиқ автомобил ёқиб юборилган. Парижда 78 фуқаро хибсга олинган.