Покистон пойтахти Исломободда 50 донор давлати вакилари иштирокида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Йиғилиш иштирокчилари кучли зилзила рўй берган минтақада қайта тиклаш ҳамда аҳолига зарурий ёрдам кўрсатиш учун қарийб уч миллиард доллар хажмида ёрдам маблағи ажратишни ваъда қилдилар. Бу билан халқаро ҳамжамият томонидан ваъда қилинган ёрдам миқдори беш миллиард 800 миллион долларни ташкил этди.
Анжуманда сўзга чиққан БМТ Бош котиби Кофи Аннан донор давлатлар вакилларини саоватли бўлишга чақирди.
“Қайта тиклаш ишларини амалга ошириш учун ҳукуматлар, фуқаролик жамиятлари ва бошқа ҳусусий ташкилотлар қўллаб-қувватлаши зарур бўлади. Бу ишларни амалга ошириш учун ҳаммамиз бир жон, бир тан бўлиб ишлашимиз керак. Келаси ҳафталар, ойлар ва йиллар давомида сиз мана шу мақсад йўлида саъй ҳаракат қилишингиздан умидворман”, – деди БМТ Бош котиби Кофи Аннан.
8 октябр куни Покистонда рўй берган кучли зилзила оқибатида 73 мингдан ортиқ одам нобуд бўлди юз минглаб турар жой бинолари ва бошқа мухим алоқа инфраструктуралари вайрон бўлди.