Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзов мамлакат газ ва нефт соҳаларидаги порахўрликка барҳам бериш мақсадида махсус ҳукумат гуруҳини тузишни таклиф қилди.

Энергия соҳаси раҳбарлари билан Ашхободда ўтказилган учрашувда Ниёзов бу соҳада порахўрлик авж олганини айтди.
“Туркманистон нефт ва газ соҳаси шаклланганидан бери, бирорта раҳбар ўз хоҳишига кўра ишдан кетмади. Ҳаммаси қамалган”, - деди Ниёзов.
Унинг таъкидлашича, бу соҳада ишлайдиган раҳбарларнинг ҳаммаси ҳорижий ширкатлар билан шартнома тузишда очиқдан-очиқ пора олади. Ниёзов бу муаммо билан курашиш учун ўзи таклиф этаётган махсус гуруҳга шахсан раҳбарлик қилажагини айтди.