Европа Иттифоқи Украинани бозор иқтисодиёти шаклланган мамлакат эканини тан олишини маълум қилди.

Бу ҳақда бугун Киевда ўтаётган ЕИ-Украина саммитида маълум бўлди.
Украина учун бу мақом Европа мамлакатлари билан савдо алоқаларини енгиллаштириш имкониятини беради. Мавзу тафсилотлари дастуримиз давомида.
Украинага оид яна бир хабарга кўра, бугун Киевда россияпараст муҳолифат гуруҳлари иштирокида норозилик намойиши бўлиб ўтган. Намойишчилар Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига норозилик билдирган.
Хабар қилинишича, Киевнинг Мустақиллик майдонига мингга яқин “Прогрессив социалистлар” партияси тарафдорлари йиғилган.
Партия етакчиси Наталья Витренко украиналиклар НАТО ва ЕИга “йўқ” деб жавоб бериши лозимлигини айтди.
Бундан ташқари “Братство” муҳолифат партияси тарафдорлари президент қароргоҳи олдида норозилик намойиши ўтказди.
Намойишлар ЕИ-Украина саммити ўтказилаётган пайтда уюштирилди.