АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс: “Америка иттифоқчилари террорчиликка қарши курашда қийин вазиятлар вужудга келишини тушунади” - деди.

НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари билан учрашувдан кейин баёнот берган Райс, иттифоқчилар ўртасида узоқ ва очиқ муҳокамалар бўлганини айтди.
“Ўз сиёсий тизимларимизнинг бошқарувчилари сифатида бегуноҳ одамларни ҳимоя қилишга масъул эканимизни тан оламиз. Биз қонун устуворлигини ҳурмат қилувчи давлатлар сифатида буни қонунга кўра амалга ошириш эҳтиёжлари ҳақида гаплашдик. Менимча, бугунги учрашув жуда муҳим ва ибратли бўлди”, - деди Райс.
АҚШ давлат котиби Брюсселга сафари давомида Европа ҳудудида Марказий разведка бошқармасига тегишли маҳфий қамоқхоналар борлиги ҳамда террорчиликда гумон қилинганлар Европа орқали учинчи давлатларга олиб ўтилгани ҳақидаги шов-шувлар бўйича ҳам тушунтириш берди.
Райс Қўшма Штатлар қонун устуворлиги, ўзининг конституцияси ва халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилишини таъкидлади.
Унинг таъкидлашича, Америка Европа мамлакатларининг қонунларини ҳеч қачон бузмаган ҳамда террорчиликда гумон қилинганларни қийноқларга солиниши мумкин бўлган давлатларга олиб ўтшда Европа ҳудудларидан фойдаланмаган.
Бироқ Райс террорчилар кўплаб одамларни ўлдиришларининг олдини олиш мақсадида маълумотлар тўплаш зарурлигини таъкидлади.