Чегара билмас мухбирлар ташкилоти чоршанба куни эълон этган ҳисоботида "Озодлик" радиосининг Тошкент бюроси ёпилгани юзасидан ташвишланиш билдирди.

Ўзбекистон ҳукуматининг "Озодлик" радиосига қарши ушбу ҳаракати сўз эркинлигига қўйилган сўнгги нуқтадир, дейилади ташкилот баёнотида.
"Биз Ўзбекистонда мустақил матбуотга босимлар кучайиб бораётганидан ташвишдамиз, "Озодлик" бюросининг ёпилиши бу давлатда эркин матбуотни бўғишда ҳукуматнинг яна бир қадами бўлди", - деди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Аннабелла Эки.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни радио раҳбариятига йўллаган мактубида "Озодлик"нинг Тошкентдаги бюроси аккредитациясини узайтришга раддия билдирган ва радио мухбирларини Ўзбекистонда аккредитациясиз ноқонуний фаолият юритганликда айблаган. Чегара билмас мухбарлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Аннабел Эки бу айбловлар асоссиз эканини айтади.
"Бизнингча аккредитация билан боғлиқ бу айбловлар асоссиз. Аккредитация Ўзбекистон ҳукумати учун цензура қилишнинг бир воситаси бўлиб ҳизмат қилиб келганини биз биламиз. Аслида аккредитация журналистнинг расмий учрашувларга бориши учун керак. Штатсиз мухбирларнинг аккредитациядан ўтиши шарт қилиб кўрсатилмаган", - дейди Аннабел хоним.
"Озодлик" радиосининг Тошкент бюроси ёпилишидан, аввал бир қанча чет эл ахборот воситалари Ўзбекистонда фаолиятини тўхтатган ва мухбирларини чақиртириб олган. Ўтган ой "Би-Би-Си" Жаҳон Ҳизмати ҳам хавфсизлик билан боғлиқ сабаблар туфайли Ўзбекистонда фаолиятини вақтинча тўхтатганини эълон қилган эди.