Европа Иттифоқи Фаластинда бўлажак сайловларда Ҳамас жанггари гуруҳи ғолиб чиқадиган тақдирда, Фаластинга кўрсатилаётган юзлаб миллион евро миқдоридаги ёрдам тўхтатилишини маълум қилди.

Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича комиссари Хавер Солана Тел Авивда қилган баёнотида маълум қилди.
“Европа Иттифоқи Фаластин Мухториятининг мухим ҳомийларидан биридир. Бўлажак сайловларнинг натижаси ўлароқ, Исроилнинг яшаш ҳуқуқини тан олмаган сиёсий партия ҳокимиятга келадиган бўлса, Фаластин Мухториятига бериладиган молиявий ёрдамнинг давом этиши қийин бўлади”, - деди Хавер Солана.
Исроилнинг яшаш ҳуқуқини тан олмаган сиёсий партия деганда, Европа Иттифоқи расмийси Ҳамас жанггари гуруҳини назарда тутди.
Сўнгги йилларда Исроилга қарши ўнлаб ҳужумларни амалга оширган Ҳамас гуруҳининг 25 январда бўладиган парламент сайловларида ғолиб чиқиши башорат қилинмоқда.

Айни пайтда, бугун эрталаб Исроил ҳарбий учқичи Ғазо минтақасига қарата ракета отди.
Фаластин шифокорлари воқеада тўрт фаластинлик, жумладан бир чақалоқ жароҳатланганини маъулм қилди.
Исроил армиясининг таъкидлашича, улар фаластинлик жанггарилар Исроилга қарата ракета отишда фойдаланадиган бинолар ҳамда йўлларни нишонга олган.