Ўзбекистон Бош прокуратураси мухолифатдаги "Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси раҳбарларини ягона уюшган жиноий гуруҳ аъзолари, деб ҳисоблашини маълум қилди.

Прокурорларга кўра Нодира Ҳидоятова беш турдаги иқтисодий жиноят содир этишда гумон этилиб ҳибсга олинган.
Ўзбекистон прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова гапиради;
"Бу иқтисодий жиноятлардир. Бунга сиëсий тус беришга хожат йўқ. Ҳидоятова иқтисодий жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда."
Бош прокуратурага кўра, Нодира Ҳидоятова Санжар Умаров билан уюшган жиноий гуруҳ тузиб, хориждаги сохта ширкатлар ҳисобига йирик миқдордаги маблағ ўтказиб, ноқонуний даромад топганлар, солиқ тўлашдан бўйин товлаган.
Октябр ойида "Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси раҳбари Санжар Умаров йирик миқдордаги маблағни ўзлаштиришда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Шу йил апрелида ташкил этилган "Серқуёш Ўзбекистоним" коалицияси мамлакатда мўътадил иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилиб Ўзбекистон парламентига мурожаат билан чиққан эди.
Эслатиб ўтамиз. Москвадан қайтаётган Нодира Ҳидоятова 19 декабр тунида Тошкент аэропортида ҳибсга олинган эди.