Ўтган ой Хитойдаги кимёвий заводда рўй берган портлаш оқибатида Амур дарёсига тўкилган кимёвий моддалар Россиянинг Узоқ шарқида жойлашган Хабаровск шаҳригача етиб келди.

Бироқ расмийлар Хабаровск сувида аниқланган заҳарли бензол моддаси миқдори ҳозирча инсон саломатлигига жиддий хавф солмаётганини айтишмоқда.
Бир вақтнинг ўзида минтақа маъмурияти раҳбари Виктор Ишаев аҳолини фақатгина пластик шишаларга солинган сувни истеъмол қилишга чақирди.
Мутахассисларга кўра, тўрт кундан сўнг Хабаровск сувларининг заҳарланиш даражаси ўз чўққисига етади.
Айни пайтда 580 минг аҳоли истиқомат қилаётган Хабаровск шаҳрида кимёвий заҳарланишнинг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилмоқда. Шаҳарда муқобил сув таъминоти ҳозир қилиниб, заҳарланган сув оқими йуналиши ўзгартирилмоқда.