Ироқ расмийлари ўтган ҳафта АҚШ ҳарбийлари озод қилган оммавий қирғин қуроллари бўйича Ироқлик икки олимни қайта ҳибсга олиш истагида эканини маълум қилди.

Ўтган ҳафта АҚШ ҳарбийлари собиқ диктатор Саддам Ҳусайн ҳукуматида ишлаган бир неча расмийни озод қилгани ҳақида маълум қилган эди.
Америка ҳарбийлари бу шахсларнинг бошқа хавф туғдирмагани боис озод этилганини айтиб, исмларини ошкор қилмаганди.
Аммо, хабарларга кўра, озод қилинганлар орасида Саддам режимининг биологик қуроллар дастурида ишлаган Ҳуда Солиҳ Маҳдий Аммаш ва Риҳаб Таҳа исмли икки аёл бўлган. АҚШ ҳарбийлари Маҳдий Аммашни “Миссиз Антракс”, яъни Хоним Куйдирги, Риҳаб Таҳани эса, “Доктор Жёрм”, яъни Доктор Микроб лақаблари билан атаган.
Ироқ миллий хавфсизлик кенгаши маслаҳатчиси Муваффақ ал-Рубае Ироқ газеталаридан бирига берган интервьюсида бу икки аёлни Саддам режими даврида амалга оширилган жиноятларда айблади.