Миллатинг рус бўлмаса, уй ҳам берилмайди

Басира Санкт Петербургдаги мусулмонлар гуруҳи, бир неча маҳаллий газета нашрларини ирқчиликни уйғотганликда айблаб прокуратурага шикоят қилишмоқчи. Газеталардаги “рус бўлмаганлар безовта қилмасин” каби эълонлар бунга сабаб бўлмоқда.
Санкт Петербурглик бир гуруҳ мусулмонлар эълонлар берувчи бир қанча газеталар устидан шаҳар прокуратурасига шикоят билан мурожаат қилмоқчи.

Бунга газеталарда пайдо булаётган эълонлар сабаб бўлмоқда. “Фақат рус оиласини ижарага қўяман”, “Рус бўлмаганлар бизни безовта қилмасин” қабилидаги эълонлар Петербург мусулмонларини безовта қилмокда. Уларга кўра, бундай эълонлар ғайрируслар қадр қимматини поймол қилмокда.

Россия мусулмонлар диний идораси Осиё бўлими бошлиғи Нафиғулла Ашировга кўра, эълонлар матни ирқчилик аломатларини ўзида акс эттиради.

“Бундай эълонларнинг мавжудлиги турфа миллат ва дин вакиллари бирга яшайдиган мамлакатда кўзга ташланиши чидаб бўлмайдиган ҳолат. Дейлик, Америкада кимдир “уйни ижарага бераман –қора танлилар безовта қилмасин” деган маънода эълон беришини мен тасаввур ҳам эта олмайман. Бу катта жанжалга олиб келиши мумкин эди”, - дея таъкидлади Нафиғулла Аширов.

Бундай эътирозлар Россиянинг бошқа ҳудудларида яшовчи мусулмонлар томонидан ҳам янграмоқда.

Яқинда Карелия муҳториятида мусулмонлар идораси “Из рук в руки” (яъни “Қўлдан қўлга”), “Все” (яъни “Ҳамма”) газеталари устидан прокуратурага мурожаат қилган эди. Мазкур газеталарда “фақат рус миллатига мансуб бўлганларни ижарага қўяман” деган маънодаги эълонларнинг чоп этилиши бунга сабаб бўлди. Маҳаллий имомларнинг фикрича, бу фуқароларда ирқчилик аломатларини уйғотиши мумкин. Хозирда Карелия прокуратураси бу борада иш олиб бораётгани айтилмоқда.

Россия ОАВ ҳуқуқини ҳимоя этувчи “Ошкоралик” жамғармасининг адвокати Анна Володинанинг фикрича:

“Буни ҳар ҳил талқин қилиш мумкин. Қонун шу қадар қирраликки, уни у томонга ҳам, бу томонга ҳам талқин этса бўлаверади. Миллий, жинсий ва бошқа белгилари бўйича фуқароларни камситишдан ҳимоя қилувчи ҳуқуқ меъёрлари жуда умумийдир. “Фақат русларга ижарага бераман” деган эълонларни таъқиқланиши борасидаги қаттиқ қонуний меъёрлар йўқ”, - деди ҳимоячи Анна Володина .

Айни пайтда дунёда жамоатчилик фикри деган тушунча бор. Агар қонунда қаттиқ белгиланмаган бўлса ҳам, жамият маънавий унсурларига зиён етказувчи ҳолатлар жамоатчилик фикрини жунбушга солса, бундай холатлар судларда кўриб чиқилиши мумкин.

Ирқчиликка қарши ва дўстликни тарғиб этувчи Франциядаги халқаро ташкилот вакили Мулуд Аунийнинг фикрича, мусулмонлар кўп истиқомат қилувчи Францияда бундай мазмундаги эълонлар учун қонун томонидан ОАВ ҳам, эълон берувчи ҳам жазоланиши мумкин.

“Ундай нарсани бўлишини Фрацияда тасаввур этиб ҳам бўлмайди. Бугун иш берувчи, ёки ижарага уй берувчи томонидан дискриминация руҳида эълон берувчи фуқаро умуман йук. Чунки Франция қонунлари бўйича унга нисбатан жазо қўлланилиш мумкин. Франция ОАВларида ҳар қандай диний, ирқий камситиш мазмунидаги эълонлар учун ОАВ ҳам, эълон берувчи хам жазога тортилади”, - деди Мулуд Ауний.

Ўтган ой Францияда бўлиб ўтган ғалаёнларга ҳам ирқий камситишлар сабаб бўлган эди. Айни пайтда Россия мулозимлари ирқий камситишларга панжа остидан қараётгани кўрилмоқда. Масалан, Россияда ўзбекларнинг ижарага уй олишини қараб кўрайлик. Мухбирингиз Москвадаги ижара уй берувчиларига телефон қилиб кўрди. Улар квартира фақат рус оиласи учунлигини таъкидлашди.

Бу муаммо ҳақида Москвадаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахром Хамроев гапиради:

“Умуман, бугун рус бўлмаган халқларга ниҳоятда қийин. Бир тарафдан бошқа миллатларни камситиш. Россия ҳукуматининг сиёсати буни албатта қоралаши керак эди”, - дейди Бахром Хамроев.

Унинг фикрича, бугун ўзбек мардикорлари ижарага уй олиш ниятидан олисда. Шу боисдан Ўзбекистонликлар ижарага уй изламасдан қурилиш объектларида ёки ертўлаларда яшаб ишлашади.

“Ташландиқ жойларда, вагонларда, подвалларда ётиб юришади”, - деди Бахром Хамроев.

Бу хақиқатни биз билан суҳбатда бўлган ўзбек мардикорлари ҳам айтишган эди.

“Қурилиш объектида, қурилишларда, бытовкаларда ётамиз”, - деди улар.

“Петрополь” илмий маркази социологларининг маълумотига кўра, ҳар бир олтинчи Петербурглик майда миллатлар тарқибига киради. Санкт Петербургда бугун 112 миллат вакили истиқомат қилади. 13та миллий маданий автономия ва 60га яқин йирик миллий жамоалар фаолият кўрсатади. Улар орасида ўзбеклар миллий диаспораси ҳам бор.

Санкт-Петербургдаги мусулмонлар жамоаси газеталарни ирқчиликда айблаб ёзган шикояти яқин орада шаҳар прокуратурасига етказилиши кутилмоқда.