Халқаро ҳамжамият Эроннинг ядровий дастур бўйича ўз фаолиятини қайта тиклаш тўғрисидаги қароридан чуқур ташвиш билдирмоқда.

Оқ уй вакили Скот МакКлеллан Вашингтонда бундай баёнот берди:
- Агар Эрон шу йўлдан бораверадиган бўлса ва биз музокаралардан энди фойда йўқ, деган қарорга келсак, халқаро ҳамжамият навбатдаги қадамни ташлашга тайёр.
Европа Иттифоқи эса Эроннинг ҳаракатларини "жиддий хато", деб баҳолади.
Россия Теҳронни бойитилган уран ишлаб чиқаришга нисбатан жорий қилинган мораторийни қайта тиклашга ва музокаралар даврасига қайтишга чақирди.
Буюк Британия Бош вазири Тони Блэр Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгаши кун тартибига чиқариш юзасидан бошқа давлатлар лидерлари билан биргаликда ҳаракат қилажагини билдирди.
- Эрон ядровий дастур бўйича ўз фаолиятини қайта тиклаш тўғрисидаги қароридан Ғарбнинг кескин танқидига қарамай ортга чекинмайди.
Эроннинг бундай баёнот билан чиқиш қилган собиқ президенти Али Рафсанжоний Ғарбни "кейин пушаймон қилиб қолмаслик учун, Эронга босим ўтказишда ҳаддан ошиб кетмаслик керак", деб огоҳлантирди.
(суратда Натанздаги уранни бойитиш заводи)