Ваъда қилинаётган маблағнинг 334 миллионини Қўшма Штатлар, 250 миллионини Европа Иттифоқи берадиган бўлди. Жаҳон банки эса 500 миллион доллар кредит ажратишини маълум қилди.
"Парранда гриппи жаҳон миқёсидаги эпидемияга айланмайди, деб ҳеч ким айтолмайди. Шундай экан касаллик тарқалиши олдини олиш керак ва бунинг учун маблағ ажратдик", - деди Жаҳон Банки раиси Пол Вулфовиц.
Ҳозирда ваъда берилган пул парранда гриппи вирусининг инсондан инсонга ўта оладиган вирусга айланишининг олдини олиш учун асосан соғлиқни сақлаш ва ветеренария соҳаларига сарфланади. Анжуманга раислик қилаётган Хитой бош вазири Вен Жибаонинг айтишича, вируснинг инсонлар орасида тарқашининг олдини олиш учун жаҳоннинг бой мамлакатлари саховат кўрсатишлари лозим бўлади.
БМТ бош котиби Кофи Аннан парранда гриппи инсониятга етказиши мумкин бўлган оқибатлардан кўра унинг олдини олиш учун маблағ сарфлашни мақсадга мувофиқ дея хисоблашини айтди. Агар дунё ҳамжамияти қуш тумовига қарши ҳозирда курашни бошламаса ва бунинг учун зарурий маблағни ажратмаса касаллик пандемияга айланиши ва зарар кўлами яна ошиши мумукин, деди Аннан.
Мутахассисларнинг айтишларича, парранда гриппи вируси инсондан инсонга ўта бошлаб, пандемия рўй берса, у жаҳон бўйлаб 2 миллиондан 50 миллионга қадар инсоннинг ёстиғини қуритиши мумкин. 2003 йилдан бери бу касаллик Осиё давлатларида 75 одам ёстиғини қуритди. Яқинда эса Туркияда тўрт нафар бола парранда гриппига чалиниб оламдан ўтди.