Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев маъмурияти мамлакат мудофаа, ички ишлар ва ташқи ишлар вазирларининг ўз лавозимида қолишларини маълум қилди.

Чоршанба куни Қозоғистон парламенти Назарбоевнинг Даниел Ахметовни мамлакат бош вазири этиб қолдириш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Ахметов 2003 йилдан бери ҳукуматга раҳбарлик қилиб келади.
Президент маъмурияти тарқатган баёнотда айтилишича, чоршанба куни Назарбоев 16 вазирдан 12тасини қайта тайинлаш ҳақида фармонларни имзолаган.
Мудофаа вазири Мухтор Олтинбоев, Ички ишлар вазири Баужан Муҳамеджанов ва Ташқи ишлар вазири Қосимжормат Тўқаев ўз лавозимларини сақлаб қолган.
Назарбоевнинг асосий тарафдорларидан бири Карим Масимов бош вазир ўринбосари этиб тайинланган.
Ўтган йил 4 декабр кунги президентлик сайловларида Назарбоев 91 фоиз овоз билан қайтадан президент этиб сайланди. Ғарблик кузатувчилар ва мухолифат сайлов натижалари қалбакилаштирганини таъкидлашди.