Косово президенти Иброҳим Ругова вафот этди.

Бу ҳақда президент маъмурияти матбуот котиби Муҳаммад Ҳамитий хабар берди:
- Президент Иброҳим Ругова бугун ўз оиласи, шахсий врачи ва америкалик докторлар қўлида жон берди. Биласизки, ёзнинг охиридан бери у саратонга чалиниб оғриётган эди. Сўнгги нафасигача у ўзини мардларча тутди.
Ёши 61га чиққан Ругова августдан буён ўпка саратони билан оғриётган эди.
Иброҳим Ругова кўп йиллар давомида косоволик албанларнинг Сербиядан мустақил бўлиш учун олиб борган курашига етакчилик қилган, Косово Демократик лигаси раҳбари эди.
2002 йили Иброҳим Ругова Косово ўлкаси президентлигига сайланди. Расман Сербиянинг бир қисми сифатида қолаётган Косово амалда мана 7 йилдирки, халқаро маъмурият бошқаруви остида.
Косовонинг истиқболдаги мақоми юзасидан 25 январь куни Венада ўтказилиши режалаштирилган сўзлашувлар февралнинг дастлабки кунларига кўчириладиган бўлди.