Давосда Жаҳон иқтисодий форуми ўз ишини бошлади.

Жаҳон сиёсатчилари, дунё бизнесменлари элитаси Жаҳон иқтисодий форумига йиғилиб, бутун ақлий имкониятларини дунё олдидаги асосий муаммоларни қандай қилиб ҳал этиш мумкинлигига қаратмоқда.
Швейцариянинг баланд тоғларида жойлашган Давос оромгоҳида 4 кун давом этадиган ушбу анжуманнинг бош мавзуси янги иқтисодий куч сифатида дунёга танилаётган Хитой ва Ҳиндистон бўлиши кутиляпти.
Эроннинг ядровий дустурлари, дунё бўйлаб нефтнинг қимматлаб кетаётгани анжуманда мубоҳаса этиладиган марказий мавзулардан бўлади.
Россия расмийлари Давос анжуманида Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш масаласини ўртага қуйишади.
Анжуманда кўплаб давлат раҳбарлари ҳамда сиёсий арбобларнинг иштироки кутиляпти. Афғонистон президенти Ҳомид Карзай, Ироқ бош вазири Иброҳим Жаафари, Олмония канцлери Ангела Меркел, Покистон президенти Парвез Мушарраф ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Кофи Аннанлар шулар жумласидандир.