Эрон уранни бойитиш ишларини Россияда олиб бориши мумкинлиги айтилган Москва таклифини Хитой ёқлаб чиққан.

"Бизнингча Россиянинг бу таклифи боши берк кўчадан чиқишнинг яхши йўлидир ва бу борада барча томон ҳаракати зарур бўлади. Биз Эрон масаласининг тинч хал этилиши тарафдоримиз ва бу борадаги ҳар қандай дипломатик ҳаракатни қўллаб қувватлаймиз", - деди Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Конг Куан.
Хитойнинг бу ҳақдаги баёноти Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний Пекин расмийлари билан учрашганидан сўнг айтилди. АҚШ ва Европа давлатлари Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига олиб чиқиши Техронни жиддий хавотирга солмоқда. Хитой Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида Теҳронни жазоловчи ҳар қандай резолюцияни вето қилиш ҳуқуқига эга. Аввалроқ Али Ларижоний Хавфсизлик Кенгашининг яна бир доимий аъзоси бўлган Россия расмийлари билан Москвада музокара олиб борган ва ўша музокаралар чоғи Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси Игор Иванов Эрон уранни бойитиш ишларини Россияда олиб бориши борасида ижобий қарашда эканини билдирган эди.