Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Моттакий Теҳрон БМТ қошидаги Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликни тўхтатиши ҳақида баёнот берди.

Мазкур баёнот Эрон уранни бойитиш ишларини вақтинчалик тўхтатишдан воз кечиши ва халқаро атом энергияси агентлиги инспекторларини Эрондаги ядровий иншоотларга қўйилмаслигини англатади.
Мотакийнинг баёноти атом агентлигининг бошқарув кенгаши Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қарор қилганидан кейин берилди. Кенгаш агентликнинг 6 март куни бўлиб ўтадиган учрашувигача бошқа чораларни кўрмасликка қарор қилди.
Шунингдек, бугун Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳамид Ризо Осифий Теҳрон ўз уранини Россия ҳудудида бойитиш таклифи бўйича Москва билан янги музокаралар ўтказажагини билдирди.
Айни пайтда, АҚШ Президенти Жорж Буш халқаро атом энергияси агентлигининг Эрон масаласини Хавфсизлик кенгашига оширишга овоз бергани жаҳон ҳамжамияти Теҳронга ядровий қурол ишлаб чиқаришга руҳсат бермаслиги борасида муждани юборишини айтди.
АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс эса, Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги юбораётган муждани эътиборга олишига умид билдирди.
Халқаро атом энергияси агентлиги бошқарув кенгаши Эрон бйўича овоз берганидан кейин Эрон президенти Маҳмуд Ахмадийнажод уранни бойитиш ишларини бошлаш ҳақида фармон берди.