Муҳаммад Пайғамбар (САВ) тасвирланган ҳажвий расмларнинг Дания матбуотида эълон қилинишига қарши намойишлар дунë бўйлаб давом этмоқда.

Афғонистоннинг Маймана шаҳрида намойишга чиққан норозилар НАТО қўшинлари таркибидаги Норвегия ҳарбий кучларининг Маймана шаҳридаги базасига ҳужум қилишмоқчи бўлишди. Солдатлар ва норозилар ўртасида тўқнашув келиб чиқди.
Тўқнашув чоғида 4 киши ўлгани айтилмоқда.

Сешанба куни Покистоннинг Пешовар шаҳрида ҳам Пайғамбар (САВ) ҳазратларининг матбуотда ҳажв қилинишига қарши кўпминг кишилик намойиш бўлиб ўтди.
Намойиш иштирокчилари Дания Бош вазири портретини намойишкорона ëқишди.

Эрон пойтахти Теҳрондаги Дания элчихонаси олдида тартибсизликлар икки кундан бери давом этмоқда.
Эрон ТИВ вакили Ризо Осифий бу юзадан мана буларни айтди:"Фуқаролар ўз норозиликларини изҳор қилишда эркиндирлар. Аммо элчихоналар ҳудудига бостириб кириш мумкин эмас. Дипломатларнинг дахлсизлигини бузишга ҳаққимиз йўқ. Ташқи ишларе вазири ҳозир Ички ишлар вазири билан учрашиб элчихоналар ҳавфсизлиги борасида тадбирлар режасини келишиб олди", - деди Эрон ТИВ вакили

Сешанба куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Муҳаммад Пайғамбарнинг Европа матбуотида ҳажв қилинишини қораловчи намойиш бўлиб ўтди.
Расман рухсат берилмаган бу намойишга йиғилганлар Европа ҳамжамиятини мусулмонлар ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишга чақирди.

Татаристондаги улгуржи савдо билан шуғулланувчи дўкон эгалари¸ Данияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ўз пештахталаридан йиғиштириб олишди.