Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод агар Эроннинг ядровий дастури борасида босим кучаяверса, Эрон Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик келишувидан чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Эронда амалга оширилган Исломий инқилобнинг 27 йиллиги муносабати билан Теҳронда минглаб одамлар олдида қилган чиқишида:
“Эрон Исломий республикаси ўзининг ядровий дастурини Халқаро атом энергияси агентлиги ва Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик келишуви доирасида амалга оширишга ҳаракат қилиб келди. Агар улар ана шу қоидалардан фойдаланиб Эрон халқининг ҳуқуқини бузишга ҳаракат қилсалар, билингки, Эрон ўз сиёсатини қайта кўриб чиқади”, – дея баёнот берди Маҳмуд Аҳмадийнажод.
Эрон президенти “Холокост” қатлиомини эртак, дея атаб ҳозирда ҳақиқий “Холокост” Фаластин ва Ироқ ҳудудларида содир бўлаётганини айтди. Аҳмадийнажод фаластинликлар ва бошқа давлатлар охир-оқибат яхудий давлатини йўқ қилишини айтди. Европа Иттифоқи Эрон президентининг охирги баёнотларини қоралади.