Қозоғистон сиёсий мухолифати ўзининг етакчиларидан бири, Ахборот вазирлигининг собиқ раҳбари Олтинбек Сарсенбаевнинг ўлдирилишида мамлакат ҳокимиятини айбламоқда.

Сарсенбаевнинг ўқ излари қолган жасади душанба куни Олмаота шаҳри яқинидан топилган эди.
Олтинбек Сарсенбаев декабрь ойида ўтказилган сайловда президентликка номзод Жармахан Туяқбайни қўллаб-қувватлаган мухолифатдаги "Адолатли Қозоғистон учун" блоки раҳбарларидан бири эди.
Вашингтон Қозоғистон раҳбариятини Сарсенбаевнинг ўлими юзасидан мукаммал текширув ўтказишга чақирди.
АҚШ Давлат департаменти вакили Рожерс-Харпер бундай деди:
- Биз Сарсенбаев ва у билан бирга жасади топилган икки ходими ўлими юзасидан зудлик билан мукаммал тергов ўтказишга чақирамиз.