Европа Комиссияси президенти Хосе Мануел Бароссо Муҳаммад пайғамбар карикатураларининг ғарб матбуотида босилишига қарши тинч норозиликлар тушунарли хол экани, аммо бунинг зўравонлик билан қарши олиниши Европанинг Ислом дунёси билан алоқаларига путур етказишини айтди.

"Сўз эркинлиги Европа демократик анъаналарининг ажралмас қисми ва бу ерда музокарага хожат йўқ. Сўз эркинлиги бошқа эркинликлар каби жавобгарлик билан кафолатланади", - деди Бароссо.
Шу ой бошида Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи суратларннинг Дания ва бошқа бир қатор давлатлар нашрларида босилгани қатор мусулмон давлатларида норозиликларга сабаб бўлган эди. Покистонда норозиликлар бугун ҳам бўлиб ўтди. Норозилик намойиши иштирокчилари кўчадаги дўконлар, Норвегия мобил телефон ширкати идораси ҳамда АҚШнинг KFC тез овқат ресторанига ҳужум қилиб, ресторанни ёқиб юборганлар. Полиция оломонни тарқатиш учун кўзни ёшлантирувчи газни ишга солишга мажбур бўлган. Полицияга кўра, норозилик пайти уч киши нобуд бўлган, 45 одам яраланган. Филипинда эса намоишчилар Дания байроқларини намоишкорона ёқишган.