Бугун Қозоғистонда отиб ўлдирилган мухолифат фаоли Олтинбек Сарсенбаевни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Маросим қатнашчилари Сарсенбаев ўлимида ҳукуматни айбладилар. "Янги Оқ йўл" партияси ҳамраиси бўлган Олтинбек Сарсонбоев ва унинг тан қўриқчиси ҳамда ҳайдовчиси 13 феврал куни Алмати чеккасида ўлик холда топилган эди. Қозоқ мухолифати ушбу қотиллик ҳукуматнинг иши дея, баёнот берган.
Айни пайтда Қозоғистон Ахборот вазири Сарсенбаев ўлими ортида сиёсий сабаблар, турибди деган иддаони рад этди.
"Бунга сиёсатнинг ҳач қандай алоқаси йўқ. Яна бир бор айтаман, жиноятчиларни ушлаш учун барча чоралар кўрилмоқда ва Ички ишлар вазирлигининг бу борадаги расмий маълумотини кутиш керак", - деди Қозоғистон Ахборот вазири Эрмуҳаммад Йертисбаев.
Ҳозирда қотиллик юзасидан жиноий иш қўзғотилган. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Илёс Бактибоев маълум қилди.

"Бош прокурор ўринбосари генерал Мирзадинов бошчилигида тергов олиб борилмоқда ва жиноятчиларни қидиришга барча куч-имконларни сафарбар этганмиз", - деди Илёс Бактибоев.Отиб ўлдирилган Қозоқ мухолифатчиси Олтинбек Сарсенбаев, муқаддам мамлакатнинг Россиядаги элчиси ҳамда Ахборот вазири лавозимларида ишлаган.