22 Феврал куни Фаластиндаги икки рақобатчи сиёсий куч “Ҳамас” ва “Фатҳ” партияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Фаластинда эҳтимолий коалицион ҳукумат ташкил этиш борасида музокара ўтказилди.
“Фатҳ” бир қатор шартлар бажарилган тақдирда “Ҳамас” бошчилидаги ҳукуматга қушилишга рози бўлди.
“Фатҳ” вакиллари, ”агар “Ҳамас” билан келишувга эришилса, биз янги ҳукумат таркибига киришга розимиз, акс ҳолда “Фатҳ” контруктив мухолифат ролини бажаради” - деб айтди.

Сайловларда Фаластин парламентининг аксар ўринларини эгаллаган “Ҳамас”, ўзига нисбатан халқаро танқидларни юмшатиш мақсадида, янги ҳукумат таркибига иттифоқчиликка асосланган кенг сиёсий қатламларни киритишга тайёр.

“Ҳамас” гуруҳидан парламент аъзоси Исмоил Ҳания Бош вазир лавозимига тайинланди ва беш ҳафта ичида у янги ҳукуматни ташкил қилиши керак.
Ҳания: "Мен Фаластин президенти Абу Мазендан (яъни, Маҳмуд Аббосдан) Фаластиннинг янги ҳукуматини тузиш таклифи битилган хат олдим. “Ҳамас” билан ушбу хатни ўрганамиз ва унга албатта жавоб берамиз”.
Айни пайтда Эрон “Ҳамас” бошчилигидаги Фаластин ҳукуматига молиявий кўмак кўрсатишни ваъда қилди.
Қуддусда эса, Исроил бош вазири лавозимини бажараётган Еҳуд Олмерт “Ҳамас” Исроил учун стратегик таҳдид солмаслиги ҳақида айтди.