Москвадаги Бауман бозорида том қулаб тушгани оқибатида 50 ка яқин одам нобуд бўлди¸ қурбонлар ичида ўзбекистонликлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Бугун саҳарда Москванинг Бауман бозорида том қулаб тушди. Оқибатда кейинги маълумотларга кўра¸ камида 47 одам нобуд бўлди¸ 30 га яқини жароҳатланди. Том остида қолганларни қутқариш ишлари давом этаëтган бир пайтда¸ бозорда ëнғин чиққани ҳам хабар қилинди.
Фожеа юзасидан жиноий иш бошлаган шаҳар прокуратураси раҳбари Анатолий Зуевнинг айтишича¸ ҳозирда бир неча версия ўрганилмоқда.
"Шубҳасиз¸том қулаб тушганига оид қатор саволлар туғилмоқда. Биз ўрганаëтган биринчи тахмин¸ бозордан фойдаланиш қоидаларининг бузилгани. Иккинчиси¸ бозор техник созлигини текширувчи инспекторлар лоқайдлиги. Учинчиси эса¸ бозор қурилишидаги ноқислик"¸ - деди Москва прокурори.
Айтилишича¸ Москвада ўзбеклар бозори деб танилган Бауман бозоридаги том қулашидан нобуд бўлганларнинг аксарияти¸ Кавказ ва Марказий Осиëдан келиб ишлаëтган мардикорлар бўлган.