Покистоннинг энг йирик шаҳри бўлган Карачида 25 мингга яқин одам иштирокида Муҳаммад Пайғамбар карикатураларига қарши тинч намойиш бўлиб ўтди.

Намойишчилар Европа мамалкатлари билан дипломатик алоқаларни тўхтатишга чақирди ва аксил америка руҳидаги шиорларни айтишди.
Покистон шарқидаги Лаҳор вилоятида полиция режалаштирилган намойиш олдидан 70 кишини ҳибсга олди.
Айни пайтда, Қатарда Ислом ва Ғарб ўртасида ўзаро муроса мавзусига бағишланган конференция бошланди. Анжуманда Муҳаммад Пайғамбар карикатуралари туфайли келиб чиққан халқаро можаро муҳокама этилади.
Дастлаб Дания газеталаридан бирида чоп этилиб, кейин Европадаги бошқа газеталардан ҳам эълон қилинган карикатуралар мусулмон дунёсида кескин норозиликларга сабаб бўлди.
Цивилизациялар уюшмаси ташкил этган анжуманда сўзга чиққан Қатар Амири Шайх Ҳамад бин Халифа ал-Таний ҳар бир эркинлик қадриятлар ва эътиқодларга ҳурмат доирасида бўлиши лозимлигини айтди.