Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Мўттақий Японияга уч кунлик сафарини бошлади.

Япониялик ҳамкасби Таро Асо билан ўтказган учрашувида юқори мартабали меҳмон “Эрон тинч мақсадларда ядровий дастури устида ишлаш ҳуқуқига эга”¸ - деди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса¸ Эрон ўз ҳудудида уранни бойитиш ишларини олиб бормасликка чақирди.
Лавровнинг ушбу чақируви Москва ва Теҳрон ҳукуматлари ўртасида Эрон ядровий дастури доирасида бўлиб ўтган музокаларадан сўнг янгради.
Россия Атом энергияси агентлиги раҳбари Сергей Кириенко Теҳроннинг ядровий дастури доирасида Эронга уюштирган уч кунлик сафар якунлари борасида томонлар келишуви учун оз вақт қолганини маълум қилди:

"Ҳали анча иш қилиниши керак. Биз музокаралар энг тез орада Москвада давом этиши ҳақида келишиб олдик. Музокаралар осон иш эмас. Аммо масаланинг дипломатик ечимини топишнинг иложи борлигига ишонаман", - деди Кириенко.

Теҳрон уранни бойитиш амалини Россияда олиб боришга рози ëки рози эмаслиги номаълумлигича қолмоқда. Ғарб Эрон атом бомбаси устида ишламоқда¸ деган хавотирда.
Бош қароргоҳи Венада жойлашган Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик Теҳроннинг ядровий дастури юзасидан 6 март куни йиғилиш ўтказиб¸ унда Теҳрон ядровий дастурини БМТ Хавфсизлик Кенгаши кун тартибига чиқариш масаласини муҳокама қилади.