Беларуслар ўзларига янги президент сайломоқда.

Президентлик курсиси учун курашда мамлакатни 12 йилдан бери бошқариб келаётган Александар Лукашенка ва мухолифатнинг асосий номзоди Александр Миленкевич асосий рақиблар деб кўрилмоқда. Бошқа номзодлар Либерал демократлар етакчиси Серҳей Ҳайдукевич ва Социал демократлар лидери Александр Казулинлардир.
Сайловчилар фаоллиги юқори экани айтилмоқда. Марказий сайлов комиссиясига кўра, овоз беришиннг дастлаки уч соатида қайд этилган сайловчиларнинг 40 фоизи овоз бериб бўлган. Сайловлар ҳақиқий деб топилиши учун сайловчиларнинг 50 фоизи овоз бериши лозим.
Мухолифат номзоди Александр Миленкевич ўз тарафдорларини намойиш ўтказишга чақирди.
“Бугун мамлакатимизда ўзгаришлар бўлишини истаётганларни кечқурун Минск майдонига таклиф қилдим. Бу мутлақ тинч намойиш бўлади. Биз президентни майдонда сайлаш ниятида эмасмиз. Беларусда бундай анъана йўқ. Биз сайловлар қандай ўтгани, мамлакатимизда эркинлик имкониятлари қандай экани ҳақида гапириш ниятидамиз. Агар бирор провокация содир бўладиган бўлса, бунинг учун давлат раҳбарияти масъул бўлади.”
Беларус КГБси, яъни давлат хавфсизлик қўмитаси намойишчилар террорчиликда айбланишидан огоҳлантирди.
Президент Лукашенка ўзини “Европадаги сўнгги диктатор”, деб аташларига эътироз билдирди ва АҚШ Президенти Жорж Бушни “биринчи рақамли террорчи”, деб атади. Вашингтон Лукашенкага “Европадаги сўнгги диктатор”, деб ном қўйган ва бугунги сайловларнинг эркин ва адолатли бўлишига ишонмаслигини таъкидламоқда.
Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 8да ёпилади. Бу вақта Тошкентда кеч соат 11 бўлади.