Қўшма Штатлар ва Британия Ироқ сиёсатдонларини янги ҳукумат тузиш ишларини тезлаштиришга чақирган.

Ҳар икки давлат расмийлари бу жараён қанча тез амалга ошса зўравонликлар олди шунча тез олиниши мумкинлиги ҳақида гапиришган. Британия Мудофаа котиби Жон Реид, жумладан, Вашингтонда кеча қилган чиқишида ҳар қандай сиёсий бўшлиқнинг юзага келиши террорчилар фойдасига ўйнаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. АҚШ президенти Жорж Буш эса Шимолий Каролина штатида сайловчилар билан учрашувда Қўшма Штатлар ироқликлар билан янги ҳукумат тузиш ишларини давом эттираётганини айтди. "Ироқ халқи миллий, ҳамжиҳат ҳукуматни тузишни хоҳлайди. У ерда халқ демократияга интилмоқда ва бу халққа раҳбарият керак, жавобгарликни зиммасига ола оладиган раҳбарият лозим. Шу боис биз Ироқ халқига ишловчан ҳукуматни тузишга ёрдам берамиз", - деди АҚШ Президенти Жорж Буш.
Ироқнинг муваққат бош вазири Иброҳим ал-Жаъфарий янги ҳукуматни бошқаришдан воз кечиш режаси йўқлигини айтмоқда.
Ал-Жаъфарий танқидчиларининг таъкидлашича, айнан бош вазир декабрдаги сайловдан 4 ой ўтгач ҳам янги ҳукумат ташкил этишга тўсқинлик қилмоқда. Сунний мазҳабидаги араблар ҳамда курд партиялари, шунингдек, ал-Жаъфарийнинг шиа блоки таркибидаги айрим сиёсатчилар уни истеъфога чиқишга чақиряпти. Уларнинг эътирофича, Жаъфарий мамлакат фуқаролари бирдамлиги ва хавфсизлигини таъминлай олмаётир. АҚШ ва Буюк Британия расмийлари эса Ироқ янги ҳукуматини ташкил этиш борасидаги келишмовчиликлар мамлакат хавфсизлигига раҳна солиши мумкинлигидан хавотир билдиряпти.