АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс БМТ Хавфсизлик кенгашини Эронга нисбатан кескин чоралар кўришга чақирди.

Райс Эронни уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги Хавфсизлик кенгаши талабини бажармаётганликда айблади. Кондолиза Райс 13 апрел куни журналистларга бу ҳақда шундай деди: “Биз Хавфсизлик кенгаши томонидан кўрилиши мумкин бўлган барча чорани кўриб чиқамиз. Хавфсизлик кенгашида бор имкиният Халқаро атом энергияси агентлигида йўқ. Яъни, Хавфсизлик кенгаши резолюциялар, БМТ Хартиясининг 7-бандига мувофиқ БМТга аъзо давлатни халқаро ҳамжамиятга бўйсунишга мажбур қилиш имкониятига эга. Эрон ҳукумати халқаро ҳамжамият талабини бажаришдан бошқа чораси йўқлигини тушуниб етиши учун биз бор имкониятни ишга соламиз”.
Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Муҳаммад Эл-Барадей Теҳронга сафар қилмоқда. Эрон расмийлари Эл-Барадей билан учрашувлар чоғида БМТнинг уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги талаби қондирилмаслигини билдирди.