Рим папаси Бенедикт пасха байрами муносабати билан анъанага кўра, Рим шаҳри ва бутун жаҳонни дуо қилди.

Авлиё Пётр майдонига йиғилган минглаб католикларга мурожаат қиларкан Рим папаси жаҳон ҳамжамиятини Эрон ядровий бўҳронига “муносиб ечим” топиш ва Ироқдаги зўравонликларга барҳам беришга чақирди.
“Ядровий энергияга оид халқаро бўҳронлар масаласида барча томонлар жиддий ва ҳолис музокаралар орқали муносиб ечим топишларини Яратгандан сўраймиз. Давлатлар ва халқаро ташкилотлар етакчиларининг турли ирқлар, маданиятлар ва динларнинг ўзаро тотув яшаши ва террорчилик таҳдидидини бартараф этишга эришишларида Ўзинг мадад бер”, - деди папа Бенедикт 16чи.
Папа Бенедикт 16чи бу йилги пасха байрамини Рим католик черкови етакчиси сифатида биринчи марта нишонламоқда. Маълум бўлишича, бу йилги пасха папнинг туғилган кунига тўғри келган. 16 апрел куни Бенедикт 16чи 79га кирди.
Айни пайтда, Қуддусда ҳам минглаб насронийлар тўпланди. Муқаддас мақбара черковида ўтказилган маросимга Рим Католик черкови патриархи Мегел Саббаҳ бошчилик қилди.
Православ христианлар пасхаси бир ҳафтадан кейин нишонланади.